Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Рахимжон Хакимов хизмат сафари билан Гулистон давлат университетида бўлди.
Вазир ўринбосари кун тартибидаги асосий масала Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 16 июнда “Олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамаси”га бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, университетнинг илмий ва инновацион фаолиятини тубдан яхшилаш, тадқиқотлар йўналишларини глобал масалаларга мослаштириш борасида амалга ошириладиган вазифалар ечимига тўхталди.
Р.Хакимов университет раҳбарияти билан ишчи тартибда очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори А.Сулаймонов илмий салоҳиятни яхшилаш, замонавий илмий тадқиқотлар олдида турган муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида маълумот берди.
Учрашув давомида университетнинг янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни кўздан кечирилди ва бу йилги қабул, ижодий ва магистратура имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.
Хизмат сафарининг иккинчи кунида Р.Хакимов илмий ва инновацион тадқиқотлар олиб бораётган ёш олимлар, иқтидорли талабалар билан учрашиб, фикр алмашди. Учрашувлар бевосита савол-жавоб форматида ташкил этилди. Дастлаб вазир ўринбосари ҳозирги замонавий илмий тадқиқотларга қўйилаётган талаблар, илмий ва инновацион тадқиқотлар материалларини чоп этишдаги муаммолар, жумладан, “Scopus”, “Web of Science” халқаро илмий-техник маълумотлар базалари таркибидаги “йиртқич” нашрларни тўғри ажрата олиш, илм ва фан интеграцияси каби долзарб масалалар тўғрисида фикр билдирди.
Шундан сўнг қизғин мулоҳазаларга бой учрашув ёш тадқиқотчилар томонидан билдирилган савол ва таклифлар муҳокамаси билан давом этди.
Куннинг иккинчи ярмида вазир ўринбосари Жаҳон банки ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида ташкил этилган университетнинг экспериментал биология лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди ва лаборатория илмий ходимлари билан мулоқот қилди.
Мулоқот жараёнида лаборатория илмий ходимлари ўзлари олиб бораётган тадқиқот ишлари мазмун-моҳиятини таништиришди, сўнг илмий тадқиқотларида вужудга келаётган муаммолар, хусусан, ўсимлик моддалари биокимёвий хусусиятларини аниқлашда фойдаланиладиган ноёб радиоктивлар билан таъминлаш, хориждан лаборатория қурилмаларини етказиб бериш, инновацион ишланмаларни аккредитациялаш жараёнлари бўйича фикрлар, шунингдек, лаборатория фаолиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўз навбатида Р.Ҳакимов ҳар бир мурожаатларни алоҳида қайд қилиб, мазкур масалалар тез орада ўз ечимини топишини ва лаборатория фаолиятини кенгайтиришда вазирлик томонидан амалий ёрдам кўрсатилишини қайд этди.
Manba: edu.uz Axborot xizmati