СИРДАРЁДА «АДЛИЯ САЙЛИ»ДА ВИЛОЯТ ПРОФЕССИОНАЛ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ЎЗ КЎРГАЗМАЛАРИ БИЛАН ИШТИРОК ЭТИШДИ.

“Адлия сайли”. Гулистон шаҳридаги Билимдонлар масканида ташкил этилган ушбу тадбир жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, аҳолига ҳуқуқий ахборотларни, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини етказиш каби эзгу мақсадларни ўзида ифода этди.

Тадбирни Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Носиров кириш сўзи билан очди.

– Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, шиддаткор замон ҳар бир фуқародан ҳуқуқий билим, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонликни талаб этади. Бунда тарғибот ва ташвиқот ишлари кенг жамоатчиликка ҳаётбахш ислоҳотларни етказишда юқори самара беради, – деди О.Носиров ўз маърузасида.

“Адлия сайли” аҳолининг барча қатламларини қамраб олди. Жараёнда ҳуқуқий маълумотлар кенг тарғиб қилинди, аҳоли ижтимоий фаолликка чорланди. Аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маслаҳат бурчаклари ташкил қилиниб, уларни қизиқтирган масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш, Кредит ва микроқарз олиш, экспорт қилиш ва инвестиция киритиш, Алимент ундириш, солиқ ва давлат хизматларидан фойдаланиш кабилар шулар жумласидандир. Кенг қамров касб этган ушбу тадбирда аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий билимлари тест саволлари орқали синовдан ўтказилди.

“Заковат” интеллектуал ўйини ёшларнинг ҳуқуқий-маърифий билимларини синаш имконини берди. Синовларда муваффақиятли иштирок этган ёшлар ва аҳоли Адлия логотипи туширилган совғалар билан тақдирландилар.

Сайил давомида беш муҳим ташаббус асосида вилоятда амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Шунингдек, аҳоли учун тиббий кўрик ва меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Сайил доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тикувчилик, касаначилик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг амалий ишлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Бунда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Сирдарё вилояти юридик техникумининг “Адолат қанотлари” тарғибот гуруҳи фаол иштирок этишди. Сайил давомида “Street law” доирасида иштирокчиларга “Йўл қоидаси – умр фойдаси”, “Сайловлар октябрь ойида ўтказилади”, “Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди”, “Коррупция мамлакат равнақини барбод қилади”, “Хавфсизлик камари хавфсизлигингиз гарови” мавзуларида, шунингдек, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти акс этган буклет ва флаерлар тарқатилди.

Вилоят профессионал таълим муассасалари ўз кўргазмалари билан қатнашишди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan