Ҳукуматнинг «Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери” ҳамда хорижий тиббиёт олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси эълон қилинд

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери” ҳамда хорижий тиббиёт олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Уни тўлалигича эътиборингизга ҳавола қиламиз:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАХКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери” ҳамда хорижий тиббиёт олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимининг самарасиз фаолият юритаётган бўғинларни қисқартириш, қайта мослаштириш ва бошқарув харажатларини мақбуллаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели учун малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларини бирлаштирган “Гулистон тиббиёт кластери”ни (кейинги ўринларда — Кластер) ва Гулистон тиббиёт коллежи негизида Туркия Республикасининг “SAGLIK BILIMLERI UNIVERSITESI” филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. 1-иловага мувофиқ муассасалар босқичма-босқич тугатилган ҳолда Кластерга бириктирилсин ва уларнинг ҳуқуқий вориси этиб Кластер белгилансин.

Бунда, умумий 520 ўринли, шу жумладан, 390 ўрин бюджет маблағлари ҳисобидан ва 130 ўрин хўжалик ҳисобидан таъминланадиган муассасалар ягона бошқарув тизими, консультатив-диагностика поликлиника ва қўшимча даволаш бўлимларига эга Кластер таркибига 2022 йил якунига қадар киритилиши якунлансин.  

3. Қуйидагилар:

Кластер ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларини бирлаштириш жараёнида бўшаган биноларнинг тақсимланиш рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

а) Кластерга Сирдарё вилоят ҳокимлиги тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

б) Кластер аҳолига пуллик асосда диагностика ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатади;

Бунда имтиёзга эга бўлган шахсларни ордерлар асосида ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволашга ётқизиш Кластер даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини молиялаштириш тартиби Кластер амалиётига татбиқ этилади;

в) тиббиёт муассасаларини оптимизация қилиш ҳисобига иқтисод қилинадиган пул маблағлари Кластерни ташкил этиш ва моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтирилади;

г) тиббиёт муассасаларни оптимизация қилиш жараёнида мавжуд штатларнинг қисқариши натижасида бўшаб қолаётган шахсларни ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўриш Вазирлик зиммасига юклатилади.

5. Қуйидагилар Кластернинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

халқаро тажрибани қўллаган ҳолда инновацион ечимлар (ноу-хау) ва юқори технологияларни жорий этиш орқали вилоятнинг тиббиёт соҳасида кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини ошириш;

кардиология, умумий ва юрак-қон томир жарроҳлиги, нейрохирургия,  эндокринология, урология, офтальмология, дерматовенерология ва косметология, ”Она ва бола” скрининги, аҳоли репродуктив саломатлиги ва тиббий диагностика бўйича  ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий кўп тармоқли тиббиёт кластери фаолиятини ташкил этиш;

тиббиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашда ихтисослаштирилган клиник базаларни яратиш;

замонавий ўқув-лабораториялари ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил қилиш орқали илмий-тадқиқот базасини ривожлантириш;

аҳолига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини халқаро талаб ва стандартларга кўтариш, энг мураккаб диагностика ва даволаш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун юқори тиббий технологиялардан фойдаланиш имкониятини яратиш;

фаолиятини ривожлантириш ва соҳа вакилларини илмий салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий тиббий клиникаларнинг илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот дастурлари, анжуманларда амалий иштирок этиш.

6. Вазирлик Кластер ҳудудида давлат-хусусий шериклик ёки аутсорсинг асосида замонавий тиббий лаборатория хизматларини ташкил этишни таъминласин. Бунда инвестиция киритиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул хизмат кўрсатиш мажбурияти шартномада белгилансин.

7. Кластер биноларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш бўйича Вазирликнинг “Тиббиёт қурилиш” инжиниринг ДУК буюртмачи этиб белгилансин.

8. Белгилансинки, Кластерга кейинчалик бошқа ташкилотларнинг кириши (қўшилиш) тартиби Вазирлик томонидан аниқланади.

9. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Вазирликнинг 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази (кейинги ўринларда – объект)нинг 63 ўринли даволаш бўлимини реконструкция қилиш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 100 ўринли даволаш бўлимлари бўйича
қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказиш ҳамда ортиб қоладиган қисмини Кластер қурилишига йўналтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

10. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Вазирлик, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда бош лойиҳачини  белгиланган тартибда аниқлаши ҳамда уч ой муддатда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг ҳудудларида консультатив-диагностика, поликлиника ва қўшимча даволаш бўлимлари учун тегишли бинони замонавий андозаларга мос тарзда қуришни кўзда тутувчи лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Вазирлик мурожаатига асосан белгиланган тартибда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва Кластер ўртасида ўзаро боғланиш учун алоқа каналларини ташкил этсин ҳамда уларнинг юқори тезликдаги Интернет тармоғига маҳаллий бюджетдан харажатлар қопланган ҳолда уланишини таъминласин.

12. Вазирлик бириктирилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлган тиббий асбоб-ускуналарни тўлиқ инвентаризация қилиш, юқори малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур замонавий тиббий     асбоб-ускуналар рўйхатини шакллантириш, уларнинг сонини ҳамда жойлаштириш бўлимларини аниқ белгилашни амалга оширсин.

13. Вазирлик, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Туркия Республикасининг “SAGLIK BILIMLERI UNIVERSITESI”нинг:

Гулистон тиббиёт коллежи негизида Туркия Республикасининг “SAGLIK BILIMLERI UNIVERSITESI” (кейинги ўринларда – Университет) филиалини (кейинги ўринларда – Филиал) ташкил этиш;

Кластердан шартнома асосида Филиалнинг клиник базаси (кейинги ўринларда – Филиал клиник базаси) сифатида фойдаланилиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

14. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Филиал директори муассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Филиал кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ўқитишнинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари бўйича мутахассислар тайёрлайди;

Филиал Гулистон тиббиёт коллежининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Филиалда ўқитиш кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилларида, жумладан, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Филиал томонидан тасдиқланган ўқув режалари ҳамда дастурларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Филиалда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади;

Филиалда бакалавриат таълим йўналишида ўқитиш жараёни 3+3 (3 йил Ўзбекистонда, 3 йил Туркияда) ташкил этилади, бунда 30 фоиз талабалар Университет маблағлари ҳисобидан ажратиладиган грантлар бўйича ўқитилади;

Филиал битирувчилари аттестацияси Вазирлик билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади ва битирувчилар ўз яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат тиббиёт ташкилотларида давлат ва университет гранти асосида ўқиганлар 3 йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет дипломи берилади;

Филиал давлат буюртмаси асосида мақсадли кадрлар тайёрлаши мумкин;

Филиалга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади.

15. Филиал ва Филиал клиник базаси фаолияти:

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

16. Филиал Вазирлик, Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан уч томонлама тузилган шартномада белгиланган муддатда Гулистон тиббиёт коллежининг Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар, Ш. Рашидов кўчаси, 19-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

17. Белгилансинки:

 Гулистон тиббиёт коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар;

Туркия Республикасининг “SAGLIK BILIMLERI UNIVERSITESI” 2021 йил охиригача ўз маблағлари ҳисобидан Филиалнинг моддий-техника ва ўқув базасини шакллантириш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни, шу жумладан бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер ва бошқа оргтехника билан таъминлаш чораларини кўради;

Филиалга Университетдан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатлари ўқув жараёнининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

18. Филиалга ўқитувчилик ва илмий фаолият олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилсин.

19. Вазирлик Университет билан ҳамкорликда 2021 йил 1 августга қадар Филиал танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдирилишини таъминласин.

20. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.АРИПОВ

          * * * * * 

Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери” ҳамда хорижий   тиббиёт олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш КОНЦЕПЦИЯСИ

Лойиҳани тайёрлаш учун асос

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида аҳолига стационар тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш ҳамда малакали тиббий кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида “тиббиёт кластери” тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш топшириғи берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4890-сонли қарорида:

Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари тавсияларига кўра ягона бошқарув тизимини яратиш, мавжуд бўлимларни қайта мослаштириш, диагностика ва лаборатория хизматларини марказлаштириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида Сирдарё вилоят даволаш-профилактика муассасаларини бир юридик мақом остида бирлаштириш орқали замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш;

тиббиёт олийгоҳини ташкил этиш бўйича таклиф киритиш белгиланган.

Лойиҳанинг мақсади

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида тиббий хизматнинг асосий йўналишларида шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий кўп функционал тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш.

Малакали тиббий кадрларга бўлган эхтиёжни қоплаш учун тиббиёт олийгохини ташкил этиш.

Ҳозирги ҳолати ва муаммолари

 – Вилоят тиббиёт муассасалари бир-биридан 5-10 км узоқликдаги масофада тарқоқ ҳолда жойлашганлиги;

 – Бошқарув тизимида штат бирликларидан оқилона фойдаланмаслик ҳамда тиббиёт муассасаларидаги бир хил бўлимлар (диагностика, лаборатория, иситиш тармоқлари, ички дорихона, стерилизация, ошхона, кир ювиш хоналари ва бошқалар)нинг функциясини такрорланиши;

– Консультация, тиббий текширув ва даволашда шифокорлар ҳамда беморлар учун ноқулайликларнинг мавжудлиги;

– Замонавий тиббий жиҳозлар муассасаларда тарқоқ ҳолда жойлашганлиги, улардан самарали фойдаланиш имконияти йўқлиги;

– Шифохоналарда тор ихтисосли мутахассисларнинг етишмаслиги;

– Электр энергия, табиий газ ва ичимлик сувидан самарали фойдаланмаслик;

– Тез тиббий ёрдам хамда санитар авиация хизматини кўрсатишдаги сарсонгарчилик холатларининг мавжудлиги;

– Автохўжаликлар транспорт воситаларини самарали эксплуатация қилмаслиги.

Тиббиёт муассасалари таҳлили: Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази (200 ўринли)

Мослаштирилган бинода жойлашган, 1961-1963 йиллар қурилган.

Марказ аралаш молиялаштириш асосида иш олиб боради (50%), марказнинг таркибида 15 ўринли гематология, 20 ўринли пулмонология ва аллергология, 20 ўринли урология, 20 ўринли гастроэнтерология, 18 ўринли оториноларингология (юз-жағ жарроҳлиги), 25 ўринли умумий хирургия, 25 ўринли йирингли септик жарроҳлик, 12 ўринли нефрология ва гемодиализ, 20 ўринли неврология, 10 ўринли нейрохирургия, 15 ўринли травматология-ортопедия бўлимлари мавжуд.

Ревматология, проктология, юз-жағ жарроҳлик бўлимлари жойлаштирилмаган.

Моддий-техник базаси эскирган.

Ушбу марказда ҳар йили 11 мингга яқин бемор турли хил ташхис билан даволанади, марказ тўлиқ жиҳозланмаган.

Замонавий тиббий асбоб ускуналарнинг етишмаслиги, айрим бўлимларнинг мавжуд эмаслиги оқибатида беморлар республика ихтисослаштирилган
илмий-амалий тиббиёт марказларига мурожаат қилишга мажбур.

Ревматология, проктология, юз-жағ жаррохлик бўлимлари йўқлиги сабабли беморларни бошқа шифохоналарга юборилишига йўл қўйилмоқда.

Паталогик анотомия бўлими таъмир талаб.

Патанатомия хизмати учун алоҳида юридик мақомга эга бўлган Суд-тиббий экспертизаси филиали морги (мурда хонаси)дан фойдаланишга мажбур бўлинмоқда.

Марказнинг консультатив поликлиникаси биноси таъмир талаб,
тор ихтисосли мутахассислар (офтальмолог, эндокринолог, дерматовенеролог) етишмайди. Шу сабабли марказга бошқа вилоят муассасаларидан тор доирадаги мутахассислар консультацияга юборилади ва ўз навбатида марказнинг мутахассислари бошқа вилоят муассасаларига консультация учун юборилади.

Хирургик операцияларга хам қўшимча хирург мутахассислар бошқа вилоят муассасасидан таклиф этилади.

Санитар авиацияси орқали хар йили амалга оширилаётган жами чақириқларнинг 69,5 фоизи вилоят даволаш профилактика муассасалариаро тўғри келмоқда.

Шунингдек, марказга бошқа вилоят тиббиёт муассасаларидан консультация учун беморлар юборилади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали (200ўринли)

Филиал Гулистон шахар 3-мавзе Ибн-Сино кўчаси 13-уйда жойлашган. Бино мослаштирилган, Бино 1986 йилда қурилган бўлиб, аввалги вилоят шифохонасининг биноларидан биридир. 2019-2020 йиллар Инвестиция дастури асосида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Моддий-техник база маънавий жиҳатдан эскирган.

Замонавий тиббий жиҳозлар етишмайди. Ҳар йили ушбу филиалда 15 мингга яқин бемор даволанади, 40 мингга  яқин беморларга амбулатор ёрдам кўрсатилади (шошилинч жаррохлик, болалар жарроҳлиги, педиатрия, гинекология, неврология, токсикология ва гемодиализ, терапия ва кардиология, нейрохирургия, травматология ва бошқалар).

Филиал таркибидаги санитар авиация хамда тез тиббий ёрдам станцияси биноси филиалдан 3 км узоқликда шахарнинг чекка қисмида жойлашган.

Ҳар йили тез тиббий ёрдам станцияси томонидан 420 мингдан ортиқ ва санитар авиацияси орқали 3,5 мингдан ортиқ чақириқларга хизмат кўрсатилади.

Тез тиббий ёрдам станцияси автомашиналари ҳар бир чақириқдан кейин станцияга қайтиш учун ортиқча масофа (3 км) босиб ўтиши ортиқча харажатларга олиб келмоқда.

Санитар авиация автомашиналари томонидан тарқоқ жойлашган вилоят тиббиёт муассасаларидан мутахассисларни ташиш ортиқча вақт ва харажатларга олиб келмоқда.

Филиалнинг тор ихтисосли мутахассислари бошқа вилоят даволаш профилактика муассасаларига консультацияга ташилади ва бу ўз навбатида мутахассисларнинг маълум вақт иш жойини тарк этиши ҳамда филиалнинг иш самарадорлигини пасайишига олиб келмоқда.

Санитар авиацияси орқали ҳар йили амалга оширилаётган жами чақириқларнинг 69,5 фоизи вилоят даволаш профилактика муассасалариаро тўғри келмоқда.

Вилоят эндокринологик диспансери (50 ўринли)

Диспансер Гулистон шаҳар Ахиллик махалла Ўзбекистон шох кўчаси 64 уй манзилида жойлашган. Бино 1974 йил қурилган, эски ётоқхона биноси. 2019 йил капитал таъмирдан чиқарилган. Бинода 50 (40 та бюджет ва 10 та хўжалик ҳисобидаги) ўринлар жойлашган. Таркибида реанимация ўринлари бўлган 20 ўринли жаррохлик бўлими учун алоҳида бино қурилган (штатлар ажратилмаганлиги ва тиббиёт асбоб-ускуналари билан жихозланмаганлиги боис ҳозирда фаолият кўрсатмай турибди).

Ушбу диспансер стационарда йилига 1400 нафар бемор даволанади, диспансерда 33-34 мингга яқин амбулатор қабуллар амалга оширилади. 17845 нафар эндокрин тизим касалликлари билан оғриган беморлар диспансер назоратида туради.

Жарроҳлик бўлими фаолият кўрсатмаслиги оқибатида беморлар ноқулайликларга дуч келмоқдалар.

Диспансерда тор ихтисосли мутахассислар етишмаслиги сабабли беморлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига консультация учун юборилади.

Санитар авиацияси орқали ҳар йили амалга оширилаётган жами чақириқларнинг 69,5 фоизи вилоят даволаш профилактика муассасалариаро тўғри келмоқда.

Вилоят дерматология, венерология ва косметология диспансери (50 ўринли)

Диспансер Гулистон шаҳар Дўстлик қўрғони Абдуллаев кўчаси 59-уй манзилида жойлашган. Инвестиция дастури асосида 2019 йилда қурилган. Диспансерда 50 ўринли дерматология бўлими, диспансер бўлими, лаборатория, физиотерапия бўлимлари мавжуд.

Моддий-техник базаси маънан эскирган.

Ушбу диспансерда йилига 2,0 мингга яқин бемор даволанади.

Диспансерда тор ихтисосли мутахассислар етишмаслиги сабабли беморлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига консультация учун юборилади.

Вилоят қон қуйиш станцияси

Станция Гулистон шахри Носир Зокиров кўчаси 330-уй манзилида жойлашган. Бино 1963 йилда қурилган, ҳолати эски, реконструкция қилишни талаб қилади.

Моддий-техник базаси сезиларли даражада эскирган.

Станция донорлик бўлими, консервация, таъминот ва лаборатория бўлимларидан иборат.

1 йилда 5,5-6 мингга яқин донорлар қабул қилинади.

Тайёрланган қон ва қон ўрнини босувчи махсулотлар даволаш-профилатика муассасалари томонидан кечаю кундуз олиб кетилади.

Вилоят кўз касалликлар шифохонаси (30 ўринли)

Шифохона Гулистон шахридаги мослаштирилган собиқ Автотрест корхонасининг биносида жойлашган. Бино 1978 йилда қурилган.

Моддий-техник базаси қисман эскирган.

Шифохона аралаш молиялаштириш асосида ишлайди (80%), шифохона тузилмаси 30 ўринли, шу жумладан хўжалик шифо ўринлари – 23та, бюджет ўринлари – 7та.

 Диагностика ва даволаш стандартларига жавоб берадиган замонавий ускуналар қисман мавжуд, шошилинч офтальмология ёрдами катта ёшдаги беморларга кўрсатилади. Болаларга офтальмология ёрдами вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кўрсатилади.

Ушбу шифохонада йилига 20 мингга яқин беморга тиббий ёрдам кўрсатилади, шундан, 2,5 минг нафарига стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ҳар йили жами беморларнинг 0,2 фоиз қисми Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказига юборилади.

Шифохонада тор ихтисосли мутахассислар мавжуд эмаслиги сабабли беморлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига консультация учун юборилади.

Санитар авиацияси орқали хар йили амалга оширилаётган жами чақириқларнинг 69,5 фоизи вилоят даволаш профилактика муассасалариаро тўғри келмоқда.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Сирдарё вилоят филиали

Марказ филиали Гулистон шахар 3-мавзе “Обод юрт” махалласи Бунёдкор кўчаси 330-А уй манзилида 2019 йил Инвестиция дастури асосида қурилган янги бинода жойлашган.

Моддий-техник базаси қисман эскирган.

Марказ филиалида амбулатория-марфология, қайта комиссион ва комплекс экспертиза, суд химия, суд биология, тиббий криминалистика бўлимлари мавжуд.

Хар йили марказ филиали томонидан жами ўртача 7,5 мингга яқин экспертиза ўтказилади, шундан, 7 мингга яқини тирик шахслар, 500 га яқини мурдалар экспертизаси ўтказилади.

Марказ филиалини алоҳида юридик мақомини сақлаган ҳолда ташкил этиладиган тиббиёт кластери таркибига киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Филиалнинг морги бошқа вилоят тиббиёт муассасалари учун хам хизмат кўрсатмоқда.

Вилоят “Она ва бола” скрининг маркази

Марказ Гулистон шахар Сайхун кўчасида мослаштирилган бинода жойлашган. Бино 1997 йил қурилган. 2010 йил қайта реконструкция қилинган.

Моддий-техник базаси қисман эскирган.

Марказ тузилмасида лаборатория бўлими ва УТТ, генетика, муолажа хоналари мавжуд.

Ҳар йили марказ томонидан ўртача 17,5 мингга яқин хомиладор аёллар, янги атуғилган чақолоқлар тиббий кўрикдан ўтказилади.

Марказ мутахассислари вилоят перинатал маркази ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига генетик масалалар юзасидан консультацияга юборилиб турилади.

Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Сирдарё вилояти филиали

Филиал Гулистон шахар Сайхун кўчаси 43-уй манзилида (Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси биносида) жойлашган.

Моддий-техник базаси қисман эскирган.

Ҳар йили марказ филиали томонидан ўртача 16 мингга яқин мурожаат қилган туғиш ёшидаги ва ўсмир қизларга тиббий хизмат кўрсатилади.

Вилоят бўйича барча мактаб, лицей, коллежл талабалари орасида режали тарғибот дарсларини ўтказади.

Вилоят бўйича контрацептив дори воситалари билан таъминланганлик даражаси, уларни мақсадли ишлатилишини назорат қилади ва ушбу масалаларда амалий ёрдам беради.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида бир қатор тиббиёт муассасаларини ўз ичига олган замонавий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳанинг тавсифи

Тиббиёт кластери бу – вазифаси ва функциялари ўхшаш, бир нечта объектларни самарадорлигини ошириш мақсадида, бир гуруҳга мувофиқлаштириш ёрдамида бирлаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнини юқори даражада ташкил этишнинг инновацион модели

Хозирги замон шароитида юқори малакали тиббий ёрдам тизими аҳоли саломатлигини яхшиланишининг ажралмас қисми хисобланади, бу эса соғлиқни сақлаш бошқарув тизимини модернизация қилинишига эхтиёж туғдиради. Шунинг учун Кластер ёндашуви долзарб бўлиб бормоқда, бу билан тиббий хизматлар сифати ошади ва тиббиёт муассасасининг рақобатбардошлик даражаси ортади.

Тиббиёт кластерини шакллантириш соғлиқни сақлаш соҳасидаги интеграциянинг инновацион йўналишларидан бири бўлиб, бу минтақалараро бозорга кириб бориш ва жахон даражасидаги даволаш ускуналари ҳамда илмий ва амалий салоҳият орқали қўшни давлатлардан беморлар оқимини жалб қилишга, тиббий туризмни ривожлантиришга имкон беради.

Лойиҳанинг босқичлари

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тайёрлаш.

2. Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар мажмуаси лойиҳасини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш.

3. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосини (ПТЕО), шу жумладан қурилиш учун ажратилган ҳудудда тадқиқот ишларини олиб бориш
ва асбоб-ускуналар рўйҳатини белгилаш учун вазифа тайёрлаш. Лойиҳани амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини аниқлаш.

4. Лойиҳани техник-иқтисодий асослашнинг дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ ишчи ҳужжатларни тайёрлаш учун лойиҳа маслаҳатчиси танловини ташкил этиш.

5. Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлимлари ва маъмурий биноларни қуриш ва жиҳозлаш бўйича пудратчини белгиланган тартиб асосида танлаш.

6. Ўқув дастурини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва мутахассисларни узоқ муддатли (3 ой ёки ундан кўпроқ) тайёрлашда ёрдам бериш учун олий ўқув юртлари ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг тиббий факультетлари орасидан потенциал лойиҳа ҳамкорларини аниқлаш. Республиканинг етакчи муассасаларида ва хорижда мутахассислар тайёрлаш бўйича комплекс
чора-тадбирларни ташкил этиш.

7. Мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва республиканинг етакчи клиникалари ва университетлари ҳамда хорижий клиникалар базасида мутахассислар малакасини ошириш бўйича тиббиёт университетлари ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмини аниқлаш.

8. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, университетлари ва хорижда малака оширган ёш мутахассисларнинг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Гулистон тиббиёт коллежи негизида хорижий тиббиёт олийгоҳи филиалини ташкил этиш. Хорижий мутахассисларнинг маслаҳат ва амалий ёрдам учун жалб қилиш.

9. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари, шу жумладан Марказ ҳамда бирламчи тизим муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш учун юқори тезликдаги оптик толали алоқа линиялари орқали ўзаро тармоқ барпо этиш, Интернет тармоғига уланишини таъминлаш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш.

          * * * * * 

Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор лойиҳасига жорий йилнинг 18-февраль кунига қадар таклиф ва фикрларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин:

https://regulation.gov.uz/uz/d/28723

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan