21 январ куни Шавкат Мирзиёев Бухоро сафарини бошлади. Олот туманида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари асосий эътиборни ишсизликни бартараф этишга қаратди.
Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири хабарига кўра, йиғилиш давомида давлат раҳбари янги қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
“Барча коллежлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилади. Ўзи коллежларнинг жойи шу вазирликда, олий таълимда эмас. Сабаби, вазир Нозим Ҳусанов коллежларга аниқ буюртмалар шакллантириб беради. Коллежлар эса ҳар бир ҳудудларга зарур бўлган мутахассисларни тайёрлайди.
Масалан, ҳозирги кунда пайвандчиларга талаб катта. Ана шундай касбни коллежлар тизимида ўргатиб, сертификат ҳам берилади. Ҳунар ўргангандан кейин чет элга борса ҳам иши юришаверади. Бундан ташқари, автомобиллар таъмирловчи, сартарош, этикдўз каби ўнлаб ҳунарлар бор. Мана, ишсизлик, темир дафтарни тугатиш бўйича аниқ режа.
Мономарказларни, маҳаллаларни шу коллежларга бириктиринглар. Бу масалани атрофлича ўрганиб, қарор тайёрланглар”, – дея мутасаддиларга топшириқ берди президент.