Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган тарихий Мурожаатномасини Сирдарё вилояти ҳокимлиги катта мажлислар залида онлайн тарзда тинглаб, томоша қилдик. Ушбу Мурожаатнома мамлакатимиздаги барча соҳалар сингари профессионал таълим тизимимиз ходимлари томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
МУНОСАБАТ
Эртага поёнига етаётган 2020 йил мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинганида фан соҳасида фаолият юритаётган барча ҳодимлар зиммасига улкан вазифа юклаган эди. Чунки бутун жамиятимиз бўлмиш ёшларни тарбия қилишдек улкан вазифани ўқитувчи ходимларга ишонилгани “Мен ўқитувчиман!” деган ҳар бир шахсни ғурурлантирган бўлса, Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши, том маънода ўқитувчи касбига бўлган давлат раҳбарининг улкан ишончидан ҳар бир педагогнинг обрўси тоғлардек юксалди, қалбларида чексиз қувонч ҳисси туйди, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, Президентимизнинг “Жамиятда ўқитувчи касбини энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши…”га алоҳида эътибор қаратганлари, барча устоз-муаллимларимизга ғурур ва ифтихор бағишлагани бор ҳақиқат.
Шундай бир даврлардан ўтдик, ўқитувчининг жамиятдаги ўрни умуман билинмас ҳамда энг кам маош тўланадиган касблардан бири сифатида қаралиб келинди. Худога шукур, мана 3-4 йилдирки, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар бу ҳолатларга қатъий чек қўйилганлигини кўрсатиб берди.
Бугун бутун дунё коронавирус пандемияси билан курашаётган бир пайтда, мамлакатимиз аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда иқтисодиётимизни янада ривожлантириш сари олиб борилаётган ислоҳотлар барчамизни қувонтирмоқда.
Эшик қоқиб турган 2021 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши, нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик, Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши эканлиги яна бир бор ҳалқимизнинг турмуш даражасини бунданда яхшиланишига хизмат қилади.
Мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор улушининг оширилиши, 2021 йил охиригача мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охиригача 75 фоизга етказилишининг белгиланиши ҳамда ушбу ишларнинг амалга оширилиши учун давлат томонидан субсидиялар берилиши эртанги кунимиз бўлмиш ёш авлодни келажагини белгилашда энг муҳим қарорлардан бири саналади.
Тадбиркорларимизга берилган имкониятлардан энг муҳими валютани 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиш яъни банклараро валюта бозори “онлайн” платформага ўтказилиши тадбиркорларимизни имкониятларини янада мустаҳкамланишига замин яратади.
Ривожланган давлатларнинг барчаси ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали қудратли давлатларга айлангани барчамизга маълум. Тадбиркорликни ривожлантириб, камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтириш сари жуда катта ишларнинг амалга оширилиши ҳалқимизнинг эртанги кунини нечоғлик даражада фаровон бўлишини кўрсатиб бермоқда.
Айниқса пандемия сабаб чекка қишлоқларимизни қиёфасини ўзгартириш ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари тўхтаб қолган эди. Мурожаатномада 2021 йилда ушбу дастурларнинг амалга оширилиши ҳамда республика ва маҳаллий бюджетлар томонидан молиялаштирилиши халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашдаги муҳим қадам ҳисобланади.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизмнинг жорий этилиши камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил эканлиги шубҳасиз.
Маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказларни ташкил этилиши ва касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиши ҳамда давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши халқимиз турмуш тарзини яхшиланишидаги энг муҳим қарорлардан бири бўлмоқда. Бу ишларни амалга оширилишида ва эртанги кунимиз бўлмиш ёшларимизни таълим-тарбия олишида яратилаётган имкониятлар ҳамда 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ижтимоий соҳа вакилларини нуфузини оширишдаги энг муҳим воқеа бўлди.
Ушбу мақсадларни амалга оширишда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширилиши, барчамизни бир бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга чорлайди.
Ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришнинг йўлга қўйилиши, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этилиши, бошқа тумандаги олис мактабга бориб дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишлаган муаллимларнинг ойлигига 100 фоиз устама ҳақларининг тўланиши, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши халқимиз турмуш даражасини яхшилаш борасида қабул қилинган қарорлар бутун Ўзбекистон аҳолисини, шу қатори таълим тизими ходимларига юксак ифтихор бағишлади.
2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлиши ҳамда бутун халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қилиниши барчамизга юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди ва эртанги кунимизни бугундан бошлашга ундайди.
Алишер ХАЖИМУРАТОВ,
Сирдарё вилояти касбий таълимни ривожлантиришва мувофиклаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи
Манба ЎзА